Ўзбекистон тараққиётида инвестицияларнинг роли ва уларни жалб этиш жозибадорлиги

image_pdfimage_print

Мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши, барқарор иқтисодий ўсишга эришиши, аҳоли даромадларининг ошиши, турмуш шароитининг яхшиланиши аксарият ҳолатларда миллий иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқ. Шундай экан, ҳар бир мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналиши миллий иқтисодиётга инвестиция маблағларини жалб этишнинг жозибадор муҳитини шакллантиришга қаратилиши муқаррардир.

Яқин келажакда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ривожланаётган давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан юқори ривожланиш даражасига етказиб олишни мақсад қилган Ўзбекистон учун республиканинг инвестицион жозибадорлигини тадқиқ этиш, инвестиция маблағларини ички капитал ресурслар ҳамда хорижий инвестиция ва кредитлар асносида кўпайишига эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Кундалик ҳаётимизда инвестиция, инвестор, инвестицион фаоллик тушунчалари кўп учрайди. Хўш улар ўзи нима?

Аввало, инвестицион фаолиятнинг энг муҳим элементи «инвестиция»нинг моҳияти ва мазмунини аниқлаб олайлик. «Инвестиция» сўзи инглиз тилидаги invetstments сўзидан олинган бўлиб, «капитал қўйилма» деган маънони билдиради.

Инвестиция (сармоя) дегани – даромад ёки фойда олиш мақсадида маблағни муайян муддатга тадбиркорлик ва бошқа фаолият турлари (объектлари)га йўналтиришни тавсифлайди.

Шуни айтиш лозимки, дунё ҳамжамиятининг ҳозирги тараққиёт босқичида бирорта ҳам мамлакат инвестицияларсиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эриша олмайди.

Инвестиция ресурсларини ўз вақтида миллий иқтисодиётларига жалб қилиш имконияти бўлмаган, пул маблағлари танқислигини бошидан кечираётган давлатлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари даражасидан анча орқага қолиб кетишига олиб келади. Мазкур ҳолатнинг ечими, молиявий маблағлар ортиқча бўлган ривожланган мамлакатлардаги капитал ресурсларни, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига жалб қилиш ҳисобланади.

Хўш, инвестициялар ёрдамида қандай вазифаларни ечиш мумкин?

Биринчидан, ички бозорда талабгор бўлган – импорт товарлари ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни қуриш, янги иш ўринларини шакллантириш имконини беради.

Иккинчидан, мамлакатда фаолият кўрсатаётган корхоналар ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва истиқболли ривожланишни таъмин этувчи омил – миллий корхоналарнинг хусусий капитал ҳажмини тўлдиради.

Учинчидан, миллий иқтисодиётда технологик янгиланиш амалга ошади ва миллий саноат ишлаб чиқаришига янги техника ва замонавий ускуналар ўрнатилади ва натижада жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошлайди.

Тўртинчидан, миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан кредит маблағлари ҳисобидан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкони яратилади.

Бешинчидан, миллий иқтисодиётнинг жаҳон иқтисодиётига интеграллашуви амалга ошади.

Демак, инвестициялар, хоҳ у макро (миллий иқтисодиёт) даражасида, хоҳ микро (корхоналар миқёсида) даражада бўлсин иқтисодий ўсишни таъмин этувчи муҳим омил экан, миллий ишлаб чиқарувчи субъектлар уларни жалб этиш учун нима қилишлари лозим деган савол туғилади.

Миллий ишлаб чиқарувчи субъектлар иқтисодий фаолиятига инвестицияларни жалб этиш учун корхоналар миқёсида қуйидаги ишларни бажаришлари керак.

Биринчидан, пухта ишлаб чиқилган ва истиқболга эга бўлган бизнес-режага эга бўлишлари лозим. Инвесторлар ҳамма вақт уларнинг қўйилмалари келажакда фойда келтиришини билишга интиладилар.

Иккинчидан, инвесторлар фақат ўзлари ишонч қозонган корхоналарга инвестиция лойиҳаларини молиялаштирадилар. Яширин ва гумонли корхоналарга инвестиция қўйиш, фойдадан ажралиш билан баробар, шунинг учун, миллий корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти бўйича иқтисодий рейтинги юқори бўлиши зарур.

Учинчидан, улар шаффоф ва очиқ фаолият юритишлари лозим. Бунинг учун бухгалтерия ҳисоби ҳужжатлари уларга қўйилган талаб даражасига жавоб бериши лозим ва корхонанинг молия-хўжалик фаолияти ҳужжатлари бўйича якуний натижалари оммавий ахборот воситалари орқали жамият аъзоларига очиқ эълон қилиниши зарур.

Юқоридаги айтилган фикрлар билан бирга, таъкидлаш жоизки, инвесторларнинг миллий иқтисодиётга капитал маблағлари киритиши кўп жиҳатдан нафақат корхоналар рейтинги ёки хўжалик фаолияти натижаларига, балки мамлакатнинг геосиёсий жойлашуви ва давлат томонидан юритилаётган ички сиёсатига ҳам боғлиқ. Инвесторлар капитал маблағ йўналтириш учун энг барқарор мамлакатларни танлайдилар.

Шунинг учун дунёнинг барча мамлакатлари имкон қадар инвестицион рискни камайтиришга оид ишларни бажаришга ҳаракат қиладилар. Жаҳондаги барча давлатлар сингари бизнинг мамлакатимизда ҳам миллий иқтисодиётда инвестиция муҳитининг жозибадорлигини ошириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда хорижий инвесторларни жалб этиш учун шарт-шароитлар борми- деган ўринли саволлар туғилади.

Албатта мавжуд. Хусусан:

– мамлакатдаги сиёсий барқарорлик;

– хусусий мулк ва рақобатни ҳимоялайдиган қонунчилик базасининг шаклланганлиги;

– инвестиция жараёнини қўллаб-қувватлайдиган инфратузилманинг барпо этилганлиги;

– мамлакатнинг қулай георафик жойлашуви;

– агросаноат секторини ривожлантириш салоҳиятининг юқорилиги ва мамлакатнинг минерал-хомашё ресурсларига бойлиги;

– юқори малакага эга меҳнат ресурсларининг мавжудлиги;

– савдо учун ички бозор ҳажмининг етарли даражада кенглиги.

Хорижий инвесторлар учун берилган имтиёзлар ва молиявий-иқтисодий рағбатлантириш тизими, инвестициявий жозибадорликнинг муҳим омили ҳисобланади. Булар эса тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ишлаб чиқариш соҳасида, хусусан, экспорт салоҳияти юқори бўлган саноат тармоғига йўналтирилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб қилишнинг муҳим йўналишларидан бири – махсус иқтисодий зоналарни шакллантириш ҳисобланади. Мамлакатимизда Навоий, Жиззах, Ангрен, Ғиждувон, Қўқон, Ургут, Хазарасп, эркин иқтисодий зоналари ташкил этилиб, улар бугунги кунда ўз фаолиятларини самарали юритишмоқда.

Хўш, мамлакатимизда олиб борилаётган инвестицияларни жалб қилиш сиёсатининг натижалари миллий иқтисодиётга киритилган инвестициялар ҳажмида ўз ифодасини топаяптими?

ХХI асрнинг биринчи ўн йилликдан кейинги иқтисодий ривожланиш даврида мамлакатимиз иқтисодиётига йўналтирилган капитал маблағлар ҳажми ва унинг таркибидаги ўзгаришларга эътиборимизни қаратсак, унда инвестициялар ҳажмининг кескин ортганлигини ва таркиби сифат жиҳатидан яхшиланганлигини кўришимиз мумкин.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2010 йилда 15 338,7 млрд. сўм бўлиб, молиялаштириш манбалари бўйича – корхоналар ва аҳоли маблағлари 49 % ни, банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари 9,7 % ни, чет эл инвестициялари ва кредитлари 28,3 % ни, давлат бюджети 5,6 % ни ва бюджетдан ташқари жамғармалар (тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларини қўшган ҳолда) 7,4 % ни ташкил этган эди.

2017 йил маълумотлари бўйича асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 2010 йилга нисбатан сал кам 4 мартага кўпайиб, 60 719,2 млрд сўмни ташкил этди. Молиялаштириш манбалари бўйича олганда корхоналар ва аҳоли маблағлари 43,9 % ни, банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари 11,0 % ни, хорижий инвестициялари ва кредитлари 26,9 % ни, давлат бюджети 5,5 % ни ва бюджетдан ташқари жамғармалар (тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, болалар спортини ривожлантириш жамғармасини қўшган ҳолда) 12,7 % ни ташкил этди.

Юқоридаги таҳлилдан кўриниб турибдики, чет эл инвесторларига яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ўз вақтида меъёрий-ҳуқуқий базанинг шакллантирилгани 2017 йилда хорижий инвестициялар миқдорини 2010 йилга нисбатан салкам 3 марта ортишига сабаб бўлди.

Айтиш жоизки, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишини таъминлашда чет эл капитал қўйилмалари ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар салмоғининг сезиларли даражада улкан миқдорга эга бўлиши ижобий ҳолат ҳисобланади. Чунки, давлат кафолатисиз мамлакат иқтисодиётига инвесторлар капитал маблағларини йўналтиришлари уларнинг миллий иқтисодиётда фаолият юритиш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган барча рискларни (таваккалчиликларни) ўз зиммаларига олганликларидан далолат беради. 2017 йилдаги барча чет эл инвестицияларининг 76 % ини тўғридан-тўғри инвестициялар улушига тўғри келганлиги, яна бир бор, мамлакатимизда қулай инвестиция иқлими яратилганлигини кўрсатиб турибди.

Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ички иқтисодиётида шаклланган жамғарма маблағларининг миқдори мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми ва истеъмол даражасига боғлиқдир. Хорижий мамлакатлар, хусусан, янги индустриал давлатлар, Гонконг, Сингапур, Жанубий Корея, Тайвань амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий ўсиш даражаси 10 % дан юқори кўрсаткич қайд қилинган даврда мамлакат иқтисодиётига киритилган инвестициялар салмоғи ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбатан 35-40 % ни ташкил этган бўлиб, уларнинг сезиларли даражадаги ҳажми ички инвестициялар улушига тўғри келган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур даврда мамлакат фуқароларидан бошлаб, то миллий иқтисодий субъекларнинг барчаси “белбоғни бироз тортиб боғлаб” иш тутишни лозим топишган, яъни, истеъмол қилиш ҳажмини камайтиришган ва жамғармалар салмоғини оширилишига ўз ҳиссаларини қўшишган.

Хўш, бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестициялар ҳажми барқарор иқтисодий ўсишни таъминлай оладими?

2017 йил маълумотларига асосан асосий капиталга киритилган инвестициялар салмоғи ЯИМга нисбатан 24,4 фоизни ташкил этган. Қайд этиш лозимки, мазкур кўрсаткич дунё мамлакатлари миқёсида ҳисобланган инвестицияларнинг ўртача салмоғидан юқоридир.

Аммо мамлакатимиз ижтимоий–иқтисодий ривожланиш борасида стратегик мақсадларни белгилаб олган экан, уларни амалга ошириш учун миллий иқтисодиётга инвестициялар ҳажмини ошириш зарур бўлади.

Буни, биринчидан, ички инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, иккинчидан, ташқи инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб қилиш негизида амалга ошириш мумкин.

Юқорида қайд этилганидек, ички иқтисодиётда шаклланган жамғарма маблағларининг миқдори ЯИМ ва истеъмол ҳажми билан чекланган.

Миллий иқтисодиётга инвестициялар ҳажмини, ички инвестициялар негизида кўпайтириш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш лозим:

жамғармаларни инвестицияга айлантириш билан боғлиқ миллий иқтисодиётда амал қилувчи мавжуд механизмни такомиллаштириш;
тижорат банклари томонидан аҳоли қўлида мавжуд пул ресурсларини, хоҳ у миллий, хоҳ у хорижий валютада бўлсин жалб қилиш ва уларни тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари сифатида бериш;
аҳоли қўлида йиғилган пул маблағларини “Тошкент” фонд биржаси орқали инвестиция жараёнига жалб қилиш ва ҳоказо.
Кўриниб турибдики, ички инвестиция маблағларини миллий иқтисодиётга янада жадал жалб қилиш, мамлакатимизда мавжуд капитал ресурсларни иқтисодиёт тармоқларига жалб қилиш механизмини такомиллаштириш билан боғлиқ босқични босиб ўтишни тақозо этади, яъни, бирмунча вақтни талаб қилади.

Миллий иқтисодиётга инвестициялар киритиш ҳажмини оширишда ички инвестицияларга альтернатив омил, бу фақат хорижий инвестициялар ва кредит маблағлари ҳисобланади.

Шундай экан, бугунги кунда хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб қилиш билан боғлиқ мавжуд барча ресурс ва заҳираларни ўрганиш ва қайтадан кўриб чиқиш, чет эл капиталини миллий корхоналарга жалб қилиш механизмини такомиллаштириш борасида иш олиб бориш лозим бўлади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, юқоридаги масалаларнинг ижобий ҳал этилиши, миллий иқтисодиётга йўналтирилган ички ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ортишига, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Сиддиқов Алишер Жўрақулович
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси
Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари
Маркази “Макроиқтисодий статистика ва миллий ҳисоблар”
кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент

Siz yana korishingiz mumkin...

    ___________________________________________________
     
    Xato topdingizmi?
    Uni belgilang, so'nggra quyidagi
    CTRL + ENTER
    tugmalarini bosing
    ___________________________________________________