image_pdfimage_print

          2017 йил 1 январдан бошлаб, ташкилотларнинг турини аниқлашда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 августдаги “Иқтисодий фаолият турларини таснифлашнинг халқаро тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 275-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар классификациясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий этилади.

          Ташкилотнинг турини аниқлаш учун юридик шахснинг асосий фаолият тури (йиллик айланма ҳажмида энг кўп бўлган) ва ишловчиларининг ўртача йиллик сони ҳисобланади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Классификацияда белгиланган мезонлар ва кодлар билан солиштирилади.

          Асосий фаолият турини аниқлаш учун “Ўзстандарт” агентлигининг 2011 йил 28 январдаги 05-268-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турлари умумдавлат таснифлагичи (ИФУТ) дан фойдаланилади.

          ИФУТ ўзбек ва рус тилларида мавжуд ҳамда фақат фаолият турларининг номинигина эмас, балки таснифлагич позицияларига батафсил тушунтиришларни ҳам ўз ичига олади.

          Шу билан бирга, ИФУТнинг кодлари Иқтисодий фаолият турлари бўйича маҳсулотларнинг (товарлар, ишлар, хизматларнинг) статистик таснифлагичи (МСТ) кодлари билан ўзаро боғлиқ, яъни ИФУТнинг биринчи тўрт рақами МСТнинг биринчи тўрт рақамига асосан мос келади.

          ИФУТ ва МСТнинг мазмуни билан Сиз қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз (ёки юклаб олишингиз) мумкин: http://www.stat.uz/ru/statinfo/klassifikatory

          ИФУТ ва МСТ давлат статистика ҳисоботи шаклларида ишлатилади. Шунинг учун, зарур ҳолларда, ҳисобот шаклидаги тегишли кодлардан фойдаланган ҳолда, ташкилотингиз мустақил равишда қийинчиликсиз асосий фаолият тури кодини аниқлаши мумкин.

          Шу билан бирга, статистик мақсадларда Классификациядан фойдаланишда (давлат статистика кузатувларини ўтказишда), давлат статистика органлари, қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган йиллик давлат статистика ҳисоботлари асосида, Сизнинг ҳеч қандай мурожаатингизсиз Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрида (КТЯДР) ташкилотингизнинг асосий фаолият тури ва турига аниқлик киритади.

          Ташкилотингиз амалга ошираётган фаолиятнинг КТЯДРда ҳисобга олинган статистик кодларга аниқ мос келишини таъминлаш мақсадида, давлат статистика ҳисоботларини тақдим этишда ишлаб чиқарилаётган барча товарлар ҳамда хизматларни тўлиқ ва батафсил акс эттирилишига, шунингдек МСТ ва ИФУТ кодларини тўғри кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратишингизни сўраймиз.

          КТЯДРда Сизнинг ташкилотингиз учун белгиланган классификация кўрсаткичлари (шу жумладан асосий фаолият тури коди ва ташкилот тури) очиқ ва ҳаммабопдир. Сиз улар билан онлайн режимида, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг Интернет тармоғидаги расмий сайтига мурожаат қилиб танишишингиз мумкин (http://registr.stat.uz/).

          Статистик мақсадларда асосий фаолият турини аниқлашда, давлат статистика органлари, халқаро статистик ташкилотлар томонидан тавсия қилинган қуйидаги ёндашувларга амал қиладилар:

          агар субъект амалга ошираётган иқтисодий фаолият турларининг бири 50%дан ошса, у автоматик тарзда асосий фаолият тури деб ҳисобланади;

          агар фаолият турларининг ҳеч бири 50%дан ошмаса, классификациянинг “юқоридан пастга” принципи қўлланилади.

          Биринчи босқичда улуши энг аҳамиятли бўлган секция аниқланади, кейин бу секция ичида энг мос бўлган бўлим, кейин ушбу бўлимнинг гуруҳи, синфи ва кичик синфи аниқланади.

          Қўлланилаётган ёндашувни шартли мисолда тушунтирамиз.

          1 босқич: Танланган кўрсаткич бўйича иқтисодий фаолият турлари рўйхати ва уларнинг улушини аниқлаш:
          Фараз қиламиз, субъект бир неча турдаги фаолиятни амалга оширади. Бу:
саноат ишлаб чиқариши (С секцияси “Ишлаб чиқарадиган саноат”), хусусан,
– озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуналар ишлаб чиқариш – 7%;
– насослар ишлаб чиқариш – 21%;
– подшипниклар ишлаб чиқариш – 13%;
– автотранспорт воситалари учун электр бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш – 11%;
савдо (G секцияси “Улгуржи ва чакана савдо; моторли транспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлаш”):
– машина, ускуналар савдоси бўйича агентлар фаолияти – 7%;
– қишлоқ хўжалик машиналари улгуржи савдоси – 28%;
ва хизмат кўрсатиш (M секцияси «Профессионал, илмий ва техник фаолият»):
– тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш – 13%.
          2 босқич: Секцияни аниқлаш, яъни секциялар бўйича улушларни қўшиб чиқамиз:
– саноат – 52% (7+21+13+11) – С секцияси;
– савдо – 35% (28+7) – G секцияси;
– хизмат кўрсатиш – 13% – M секцияси.
хулоса: С секцияси «Ишлаб чиқарадиган саноат».
          3 босқич: Бўлимни аниқлаш, яъни саноатнинг тегишли бўлимини аниқлаймиз:
бошқа гуруҳларга киритилмаган машина ва ускуналарни ишлаб чиқариш – 41% (21+13+7) (28 бўлим);
автотранспорт воситалари учун электр бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш –11% (29 бўлим);
хулоса: 28 бўлим – бошқа гуруҳларга киритилмаган машина
ва ускуналарни ишлаб чиқариш.
          4 босқич: Гуруҳни аниқлаш, яъни аввалги босқичда аниқланган бўлимдан гуруҳни аниқлаймиз:
озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ускуналар ишлаб чиқариш – 7 % (28.9 гуруҳ);
умумий фойдаланишга мўлжалланган машина ва ускуналарни ишлаб чиқариш – 34% (насослар ва подшипниклар 21%+13%)
(28.1 гуруҳ);

хулоса: 28.1 гуруҳ – умумий фойдаланишга мўлжалланган машина
ва ускуналарни ишлаб чиқариш.
          5 босқич: Синфни аниқлаш, яъни аввалги босқичда аниқланган гуруҳдан синфни аниқлаймиз, ушбу гуруҳ коди асосий фаолият тури коди ҳисобланади:
– насослар ишлаб чиқариш – 21% (28.13 синф);
– подшипниклар ишлаб чиқариш – 13% (28.15 синф);
Хулоса: Энг юқори нисбий улуш қишлоқ хўжалик машиналарининг улгуржи савдосига тўғри келганига қарамай, иқтисодий фаолиятнинг асосий тури – насослар ишлаб чиқариш.

          Сизга, Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрида белгиланган классификация кўрсаткичлари фақат статистик мақсадларда, давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини белгилаш ва статистик маълумотларни умумлаштириш учун берилишини, улар рухсат берувчи хужжат ёки тижорат ташкилотларига қонунчиликда белгиланган солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланмаслигини маълум қиламиз.

          Ташкилотлар, қонунчиликда назарда тутилган енгилликлар, имтиёзлар, кафолатлар ва ҳуқуқларга эга бўлиш учун, ташкилотнинг турини аниқлаш масалалари бўйича тегишли ваколатли давлат органларига мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқ.

    ___________________________________________________
     
    Xato topdingizmi?
    Uni belgilang, so'nggra quyidagi
    CTRL + ENTER
    tugmalarini bosing
    ___________________________________________________