Тошкент шаҳрида 2017 йил январь-июнь ойлари учун иқтисодий фаолият турлари бўйича ишлаб чиқарилган хизматлар соҳасининг асосий кўрсаткичлари

          Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва самарали бандлигини таъминлашда хизматлар соҳасининг ҳар томонлама ривожланиши муҳим масалалардан бири бўлиб ҳисобланади.

          Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хизматлар соҳасини жадал ривожлантиришни энг муҳим вазифалардан бири сифатида қўйишмоқда.

          Хизматлар соҳаси аҳолининг барча қатламларини қамраб олади ва жамиятда содир бўлаётган деярли барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсатади, бу эса мазкур масаланинг қанчалик муҳим ва аҳамиятли эканлигини кўрсатиб беради.

          Хусусан 2017 йил 01 январь ҳолатига Тошкент шаҳри худудида хизматлар соҳасида қарийб 3,0 мингта йирик (бозор хизматларини кўрсатувчи нотижорат корхоналари билан биргаликда) ва қарийб 22,6 мингта кичик бизнес суъектлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

          Хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурининг асосий вазифалари ва йўналишларини амалга ошириш натижасида Тошкент шаҳрида 2017 йил январь-июнь ойларида бозор хизматлари ҳажми 15 331,9 млрд сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 113,7 фоиз ўсишни таъминлади.


          Таркибий тузилмага эътибор берадиган бўлсак, асосий улуш савдо хизматлари (умумий хизмат ҳажмининг 26,7 фоизи), транспорт хизматлари (13,3 фоиз), молия хизматлари ( 22,1 фоиз) ва алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (10,6 фоиз) ҳиссасига тўғри келишини кўриш мумкин.

          “2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш давлат дастури”ни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳисобига қуйидаги хизмат турларида нисбатан катта ўсишга эришилди: молия хизматлари – 131,5 фоиз; алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари – 120,7 фоиз; яшаш ва овқатланиш хизматлари – 119,7 фоиз; соғлиқни сақлаш хизматлари – 117,7 фоиз ўсиш таъминланди. (2-Расм)

          Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари жадаллаштириш, телекоммуникация тармоқлари, компьютерлаштириш ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш миллий дастурларининг амалга оширилиши, симсиз телефон алоқаларнинг ўсишига, уяли алоқа абонентлари ва Интернет тармоғига жамоавий уланиш жойлари сонининг кўпайишига олиб келмоқда.

          «Universal mobile systems» масъулияти чекланган жамияти, «Узбектелеком» акциядорлик жамияти, «Unitel» масъулияти чекланган жамияти ва бошқа шу каби корхоналар самарали фаолияти улароқ алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан(20,7 фоиз ўсиш) юқори ўсишга эришилди.

          Молиявий хизматлар ҳажмининг ўсишига, тижорат банкларининг, уларни капиталлаштириш ва молиявий барқарорлигини оширишни ўз ичига олган молиявий фаолиятларини такомиллаштириш натижасида эришилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашнинг такомиллашган механизми, истиқболли инвестиция лойиҳаларини кредитлашни кенгайтириш, шунингдек янги электрон тўлов технологияларини жорий қилган ҳолда молиявий ташкилотларнинг ҳудудий тармоқларини кенгайтириш молиявий хизматларнинг ўсишига таъсир кўрсатган бошқа омиллар бўлди.

          Молиявий хизматлар ҳажмининг ўсиши (31,5 фоиз)га йирик молия ташкилотлари ҳисобланган: Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки, “Капиталбанк” акциядорлик тижорат банки ва бошқа шу кабиларининг бозор хизматлари ҳажмининг ўсиши ижобий таъсир кўрсатди.

          Соғлиқни сақлаш тизимининг ислоҳ қилиниши, юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тиббий хизмат кўрсатиш даражасининг оширилиши, соғлиқни сақлаш амалиётига илғор чет эл тажрибаларини кенг жорий этилиши соғлиқни сақлаш соҳаси хизматларининг ўсиш имконини берди.

          Соғлиқни сақлаш хизматлар ҳажмининг ўсиши (17,7 фоиз)га йирик ташкилотлари ҳисобланган: “Tibbiyot dunyosi” масъулияти чекланган жамияти; “Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази” акциядорлик жамияти, “Республика ихтисослаштирилган акушерства ва гинекологии илмий-амалий маркази” акциядорлик жамиятлари ва бошқа тиббиёт муассасалари хизматлари ҳажмининг ўсиши ҳисобига эришилди.

          2017 йил январь-июнь ойларида Яшнабод , Мирабод, Мирзо Улуғбек Юнусабод ва Шайҳонтоҳур туманлари ушбу кўрсаткичлар бўйича олдинги ўринларни банд қилишган. Тошкент шаҳрида юқори ўсиш суръатларини таъминланиши, аввало аҳоли реал даромадларининг ўсиши, якуний истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоқларининг ривожланиши билан боғлиқ бўлиб, бу ҳар хил турдаги хизматларнинг ривожланишига кучли таъсир кўрсатмоқда.

          Хизматлар соҳасининг аҳоли жон бошига нисбатан ривожланиши кўрсаткичига аҳоли сони муҳим таъсир кўрсатади. Масалан, Бектемир, Мирабод ва Яккасарой туманлари аҳолиси нисбатан камлиги ҳисобига ўртача жон бошига ҳисобланган кўрсаткич, аҳоли нисбатан зич жойлашган Олмазор, Учтепа, Шайхонтохур ва Юнусабод туманларининг кўрсаткичига қараганда баландироқни ташкил этмоқда.

          Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан хизматлар ишлаб чиқаришнинг кенгайиши хизматлар соҳасининг жадал ривожланишини таъминламоқда. Хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида, тадбиркорлик субъектларига, хизматлар кўрсатиш бўйича янги ташкил этиладиган корхоналарни технологик жиҳозлаш учун катта миқдордаги имтиёзли кредитлар тақдим этилди. Натижада, кичик тадбиркорликнинг бозор хизматлари ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 2017 йил январь-июнь ойларида ҳолатига 51,6 фоизни ташкил этмоқда.

          Янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция, солиқ, пул-кредит ва илмий-техник сиёсатни такомиллаштириш ҳамда янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда кичик бизнесни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг янада барқарор ўсишини таъминлаш, бозор хизматларининг тармоқ тузилмасида сифатли таркибий ўзгаришлар қилиш имконини беради.

          Бу эса, Тошкент шаҳридада хизматлар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг оқилона тузилмасини шакллантириш ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада оширилишини таъминлаш имконини беради.

29.09.2017

    ___________________________________________________
     
    Xato topdingizmi?
    Uni belgilang, so'nggra quyidagi
    CTRL + ENTER
    tugmalarini bosing
    ___________________________________________________