Тошкент шахрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши

      Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш имконини бермоқда. Тошкент шахрида 2000-2016 йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 41,5 фоиздан 58,9 фоизга ўсиб, 17,4 фоиз бирликка ортган (1-расм).

      Кичик бизнес субъектларининг демографияси. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида уларнинг сони йил сайин ошиб бормоқда. 2017 йил 1 январь ҳолатига шахримизда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари сони (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) 47465 тани ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 30150 тага ёки 2,7 баробар кўпайган (2-расм).

      2017 йил 1 январь ҳолатига иқтисодий фаолият турлари бўйича 10438 та кичик бизнес субъектлари (жами субъектларнинг 22,0 фоизи) савдо соҳасида, 10740 таси (22,6 фоизи) саноатда, 3605 таси (7,6 фоизи) қурилишда, 455 таси (0,9 фоизи) қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида, 4022 таси (8,5 фоизи) яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатиш соҳасида, 2393 таси (5 фоизи) юк ташиш ва сақлаш соҳасида ва 15802 таси (33,3 фоизи) бошқа соҳаларда фаолият кўрсатмоқда (3-расм).

      Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида бандлик. 2000 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат фаолияти билан банд бўлганлар сони 489,5 минг.кишини ташкил этган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 655 минг.кишини, 2016 йилда эса 662,2 минг.кишини ташкил этиб, мазкур соҳада банд бўлганлар сони 2000 йилга нисбатан солиштирилганда 176,7 минг.кишига ёки 1,4 баробар кўпайганлигини кўриш мумкин (4-расм).

      2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида банд бўлганларнинг 65 фоизи (433 минг.киши) якка тартибдаги тадбиркорлик соҳасида, 35 фоизи (233,2 минг.киши) кичик корхона ва микрофирмаларда меҳнат фаолияти билан банд бўлган.

      Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида банд бўлганларнинг иқтисодиётда банд бўлганлар умумий сонидаги улуши 2000 йилда 48,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 55 фоизни, 2010 йилда 56 фоизни, 2016 йилда эса 57 фоизни ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 8,3 фоиз бирликка ошган (5-расм).

      Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни. Кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги аҳамияти унинг соҳада рақобат муҳитини таъминлаш, йирик корхоналар учун маҳсулот етказиб бериш, янги иш ўринларини яратиш, бозор тизимининг мослашувчанлигини ошириш, ресурсларни ишлаб чиқаришга сафарбар этиш, солиқ тушумлари ҳажмининг ўсишини таъминлаш, аҳоли даромадлари даражасини барқарорлаштириш каби омиллар билан белгиланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ички бозоримизни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда, аҳолини иш билан таъминлаш ва даромади кўпайиб, фаровонлиги ошиб боришига эришишда энг асосий омиллардан бири ҳисобланади.

      Саноат. Мазкур тармоқда кичик бизнес субъектларининг юқори суръатларда ўсиши, қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилиши, ягона солиқ тўлови ставкаларининг пасайтирилиши, ресурслардан ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларидан фойдаланишга рухсат бериш шартларининг соддалаштирилиши ҳамда кичик бизнес субъектларини йирик компаниялар билан кооперация алоқаларининг кучайиши натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 2000 йилдаги 31,0 фоиздан 2016 йилда 71,0 фоизга ёки 40 фоиз бирликка сезиларли даража ўсди (6-расм).

      2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 16693,4 млрд.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган (жами саноат маҳсулотларининг 71,0 фоизи) ёки 2015 йилга нисбатан 13,2 фоизга ўсган.

      Сўнгги йилларда саноатнинг асосий тармоқларида, айниқса озиқ-овқат саноати, енгил саноат, қурилиш материаллари саноати, машинасозлик ва металлга ишлов бериш саноати, кимё ва нефт-кимё саноати ҳамда фармацевтика саноатида фаолият юритиб келаётган кичик бизнес субъектлари сонининг ошиб бораётганлиги ва улар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг юқори ўсиш суръатлари қайд этилаётганлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улушини барқарор равишда ошиб боришини таъминлашда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

      Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, саноатнинг сермеҳнат тармоқлари бўлмиш озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва қурилиш материаллари саноати тармоқларида кичик корхоналар ходимларининг ўртача йиллик чекланган сони 200 кишигача оширилганлиги мазкур тармоқларда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари сонининг кўпайишига имконият яратиб бераётганлигини алоҳида қайд этиш зарур.

      Туманлар кесимида таҳлил қилинганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улуши 2000-2016 йилларда Яккасарой туманида 72.1 фоиз бирликка ўсган. Шунингдек, Олмазор туманида 70.3 фоиз, Юнусобод туманида 66.8 фоиз, Сирғали туманида 63.2 фоиз ва Чилонзор туманида 62.3 фоиз бирликка кўпайган (1-жадвал).

      1-жадвал маълумотларига асосан 2016 йилда туманлар бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг саноатдаги улуши бўйича энг юқори кўрсаткичга яъни 60 фоиздан юқори кўрсаткичларни кўришимиз мумкин. Булар Яккасарой, Олмазор, Учтепа, Юнусобод, Сирғали, Чилонзор, Бектемир ва Яшнобод туманларидир.

      Мазкур кўрсаткич бўйича нисбатан ўрта даражада бўлган Миробод,Мирзо Улуғбек, ва Шайхонтохур туманлари 45-60 фоиз оралиғидаги кўрсаткичларни қайд этган.

      Қурилиш. Қишлоқ жойларда намунавий уйлар қуриш бўйича Ҳукумат дастурларининг қабул қилиниши кичик бизнес субъектлари томонидан республикамизда, шу жумладан қишлоқ жойларда қурилиш ишлари ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлади. Турар жойларнинг қурилиши билан бирга, ижтимоий инфратузилма объектлари, қишлоқ врачлик пунктлари, умумтаълим муассасалари, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларидаги объектларнинг қурилиши кичик бизнес субъектлари томонидан амалга оширилмоқда.

      Тошкент шахрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қурилиш соҳасидаги улуши 2000 йилда 29,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 70,2 фоизга етиб, 40,5 фоиз бирликка сезиларли даражада ошган (7-расм).

      2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 3332,9 млрд.сўмлик қурилиш ишлари бажарилган (жами қурилиш ишлари ҳажмининг 70,2 фоизи) ёки 2015 йилга нисбатан 5,8 фоизга ўсган.

      Шу жумладан кичик корхона ва микрофирмалар томонидан 1742,9 млрд.сўмлик қурилиш ишлари бажарилган (жами қурилиш ишлари ҳажмининг 36,7 фоизи) ёки 2015 йилга нисбатан 12,5 фоизга ўсган. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 1590,0 млрд.сўмлик қурилиш ишлари бажарилган (жами қурилиш ишлари ҳажмининг 33,5 фоизи) ёки 2015 йилга нисбатан 0,6 фоизга пасайган.

      Савдо. Чакана савдо товар айланмасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 2000 йилдаги 71 фоиздан 2016 йилда 78,8 фоизга етиб, 7,8 фоиз бирликка ошган (8-расм).

      2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо айланмаси ҳажми 15175,1 млрд.сўмни ташкил этган (жами чакана савдо айланмаси ҳажмининг 78,8 фоизи). Шу жумладан 4425,2 млрд.сўмлик чакана савдо ҳажми (жами чакана савдо айланмаси ҳажмининг 23,0 фоизи) кичик корхона ва микрофирмалар ҳиссасига ҳамда 10749.9 млрд.сўмлик чакана савдо ҳажми (жами чакана савдо айланмаси ҳажмининг 55,8 фоизи) якка тартибдаги тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади.

      Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ташқи савдо фаолияти. Импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кичик бизнес субъектларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши экспорт ҳажмида кичик бизнеснинг ҳиссасини ошириш имконини бермоқда.

      Тошкент шахар экспортининг умумий ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилда 14,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 18,3 фоизга етган, яъни 3,6 фоиз бирликка ошган (9-расм).

      Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида инвестициялар. Иқтисодиёт тармоқларида кичик бизнес субъектларининг фаол хўжалик фаолияти юритишининг муҳим индикаторларидан бири бу киритилган инвестициялар ҳажмидир.

      Тошкент шахрида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганлиги натижасида улар томонидан 2016 йилда иқтисодиётга 5756,8 млрд.сўмлик инвестициялар киритилди ва бу 2015 йилга нисбатан 31,4 фоизга кўпдир.

      2016 йилда иқтисодиётга киритилган жами инвестициялар ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 56,3 фоизни ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 48,5 фоиз бирликка ошган (10-расм).

      Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг Тошкент шахар иқтисодиётига киритилаётган жами инвестициялар ҳажмидаги улушининг ошиб бориши уларнинг янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган инвестиция мақсадларида жалб қилинаётган узоқ муддатли кредитлари ҳажмининг ошиши билан боғлиқдир. Шу сабабли кичик бизнес субъектлари томонидан асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг молиялаштириш манбалари бўйича таркибида ўз маблағлари ва банк кредитларининг улуши энг юқори салмоқни ташкил этади.

      Статистик кўрсаткичлар динамикаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аҳамияти йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур соҳалардаги ижобий тенденцияларга бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва хусусий мулкни ҳимоя қилишга оид тизимли комплекс чора-тадбирларни амалга оширилиши ҳисобига эришилмоқда.

    ___________________________________________________
     
    Xato topdingizmi?
    Uni belgilang, so'nggra quyidagi
    CTRL + ENTER
    tugmalarini bosing
    ___________________________________________________